ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ – ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИНИНГ КАФОЛАТИ.
Б. Тиллаев. НамДУ, Миллий ғоя, маънавият ва ҳуқуқ асослари” кафедраси ўқитувчиси
Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 20 ноябрдаги “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунида[1] ёшларга бериладиган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий кафолатлар белгилаб қўйилган. Шунингдек, бу қонуннинг қабул қилиниши ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга мўлжалланган ташкилий тадбирларни ҳам кўзда тутди. Қонуннинг 1-моддасида “Ёшларга оид сиёсат Ўзбекистон Республикаси давлат фаолиятининг устивор йўналиши бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборатдир,” деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистонда қурилаётган фуқаролик жамияти, ҳаётимизга кириб келаётган модернизация жараёнлари ва ислоҳотлар самараси энг аввало ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган. Глобаллашув жараёнида демократик нуқтаи-назардан янгиланаётган, ўзгараётган ҳаёт ёшларимизни ўзига хос синовдан ўтказмоқда. Жамиятнинг келажаги ёшлар билан боғлиқ ва улар тараққиётнинг асосий кучи ҳисобланади. Ўз навбатида ёшларимиз ҳам илм-фан ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқлари билан давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликка муносиб жавоб бермоқдалар. Шу боис мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш, модернизациялаш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш жараёнида ёшларнинг ўрни кучайиб бормоқда. Ёшларга доир олиб борилаётган давлат сиёсати: бу борада мавжуд қонунчилик, янги қарорларнинг қабул қилиниши ва ислоҳотларнинг амалга оширилиши мустаҳкам кучли таянч бўлмоқда. Ўзбекистонда ёшларга мамлакатнинг келажаги сифатида эътибор берилиб, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шароитлар яратиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати қуйидаги қоидаларга асосланади:
— миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий мавқеи, жинси, маълумоти ва сиёсий эътиқодидан қатъи назар ёшлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш;
— ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш;
— миллий, маданий анъаналарнинг авлоддан-авлодга ўтиши, авлодларнинг маънавий алоқаси;
— ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари доирасида ўз манфаатларини амалга ошириш йўлларини эркин танлаб олишларига кафолат бериш;
— жамиятни ривожлантиришга, айниқса республика ёшлари ҳаётига оид сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ёшларнинг бевосита иштирок этиши;
— ҳуқуқ ва бурчларнинг, эркинлик ва фуқаролик масъулиятининг бирлигини таъминлаш.
Ёшларга оид давлат сиёсати юқоридаги қоидаларга биноан ўз мазмунини доимий такомиллаштириш, мунтазам равишда ўз эътиборини жамият ҳаётининг энг мураккаб жиҳатларига қаратиш йўналишларида кенг ривожлантирилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида ёш авлодга қаратилган давлат сиёсатининг бош тамойиллари даврга ҳамоҳанг тарзда такомиллашиб, ўз мазмунини бойитиб ҳамда ички суръатини намоён этиб бормоқда. Бунинг натижасида ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши соҳасида Ўзбекистон Республикасида қуйидаги вазифалар белгиланди:
— республика ҳудудида ёшларга оид давлат сиёсатининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва ташқилий асосларини белгилаш;
— ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва таъминлаш;
— ёшларга оид давлат сиёсати бошқарув идораларини тузиш;
— ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида Республикада комплекс ва аниқ мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
— ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга мўлжалланган молиявий маблағларни тасарруф этиш;
— республика ёшларининг манфаатларини Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари доирасида ифодалаш;
— республика ҳудудида ёшларнинг ва улар бирлашмаларининг ижтимоий муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш;
— республика ёшларининг, ёшлар жамоат уюшмаларининг ташаббусларини ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва ташқилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
— ҳамма ҳуқуқ субъектларининг Ўзбекистон Республикаси қонунларида ёшларга нисбатан белгилаб қўйилган мажбуриятларига риоя этишларини назорат қилиш, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ҳамда амалга оширишнинг бошқа масалалари.
Юқорида белгиланган вазифалар асосида мамлакатда таълим соҳасини босқичма-босқич, аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда ислоҳ қилиш бўйича узоқни кўзлаган дастурлар изчил амалга ошириб келинмоқда. Чунки жамиятнинг келажаги ёшларнинг тарбияси ва таълим олишлари, олий инсоний қадриятларни ўзлаштиришлари, ижтимоий фаолиятга тайёрлиги билан белгиланади. Умуммиллий дастурлар доирасида ўтган давр мобайнида юртимиздаги таълим муассасалари: мактаблар, лицей ва коллежларнинг замонавий моддий-техник ва ўқув базасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёнига янги стандартлар, илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш борасида кўлами ва маъно-мазмунига кўра улкан ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳимоя натижасида ёшларга ҳар томонлама ғамҳўрлик кўрсатилмоқда. Масалан, Олий ўқув юртларига шартнома асосида ўқишга қабул қилинган ёшларга имтиёзли кредит олиб ўқишларини давом эттираётганлари ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаб имтиёзли балл ёрдамида Олий ўқув ютларига ўқишга кираётган ёшларни таъкидлаш ўринли. Ёшларнинг маънавий дунёсини шакллантириш улар билан ишлашнинг энг муҳим йўналиши ва уларни жамиятнинг ижтимоий фаол қисми сифатида тарбиялашнинг бош омили бўлиб қолмоқда. Бу ўринда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказиш масаласи биз учун умуммиллий, умумдавлат миқёсидаги вазифа бўлиб, бу эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган ишларимизни изчил ва қатъиятлилик билан давом эттириш бугунги сиёсатимизнинг диққат марказида турганини яна бир маротаба таъкидлаб ўтмоқ лозим.
Ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш жисмоний, ақлий, ахлоқий жиҳатдан ўсишини ва Ўзбекистон халқининг манфаатлари йўлида ижтимоий камол топишини таъминлаш учун ёш фуқаролар ва уларнинг оилаларига бериладиган давлат кафолатларини ўз ичига олади.
Ўзбекистон Республикасида ёшлар учун, тиббий хизмат, таълим олиш, спорт-соғломлаштириш ва маданий-маърифий муассасаларга имтиёзли шартларда қатнаш, уй-жой қуриш, рўзғор буюмлари сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар бериш, дастлабки меҳнат фаолияти учун иш жойи билан таъминланиш ёки амалдаги қонунларга мувофиқ моддий компенсация олиш ҳуқуқи, ижтимоий инфраструктура объектларини лойиҳалаш ва қуриш чоғида ёшларнинг талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олиш, ўқувчилар, талаба ёшлар ва вояга етмаган фуқаролар учун транспортда юриш имтиёзлари, вояга етмаганларга компенсация тўловларини кафолатловчи ижтимоий таъминланиш минимуми белгиланади.
Вояга етмаганларни, ёш фуқароларнинг айрим тоифаларини ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган махсус чора-тадбирлар, шунингдек уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.
Фуқаролик жамияти ижтимоий ҳаётнинг давлат таъсири ва аралашувидан, маъмурий тазйиқлардан ҳоли бўлган ҳамда инсонларнинг хусусий турмуш соҳасини ташкил этувчи муносабатлар мажмуидан иборат эканлиги ҳамда фуқаролик жамиятида эркинлик, қонун олдида барчанинг тенглиги, ижтимоий адолатнинг таъминланиши, ёшларнинг ижодий салоҳияти ва истеъдодининг бевосита рўёбга чиқарилишига кенг имконият яратилган. Фуқаролик жамиятини шакллантиришда ёшлар катта ва шижоатли кучдир. Бу кучни мамлакатнинг чинакам суянчи ва таянчига айлантириш учун ёшларга ғамхўрлик ва эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.
Ўзбекистонда ёшларга оид давлат дастурлари ёшлар жамиятнинг асосий бунёдкор ва ҳаракатлантирувчи кучларидан эканлиги алоҳида эътиборга олинмоқда. Пухта ўйланган маънавий-маърифий тарбия тизими яратилиши, миллий ўзликни англаш, ёшлар онгида кўп асрлик маънавий қадриятлар, анъаналарнинг қайта тикланиши туфайли юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти ёшларнинг турмуш тарзига айланиб бормоқда.
“Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази” тарғибот-ташвиқот марказлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми», ҳамда “Янги авлод” ва “Келажак овози” кўрик танловлари, “Ниҳол”, “Зулфияхоним қизлари” анъанавий республика танловлари ёшларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, келгусида ватанпарвар бўлиб тарбияланишларига асос бўлмоқда. “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг (1996 йил) қабул қилиниши ёшларнинг фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида қатнашишга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ҳар бир сиёсий партияларида “Ёшлар қаноти” тизими тузилган. Улар сиёсий партиялар аъзоларининг салмоқли ҳиссасини ташкил этади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкин-ки, ёшларга оид давлат сиёсати:
— уларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб етишишлари учун барча шароитларни яратишга қаратилган;
-ёшлар жамият ва давлат қурилишининг фаол субьекти сифатида эътироф этилган;
-Давлат сиёсати мамлакатнинг тақдирини ёшлар тақдири билан узувий бирликда олиб қарайди;
-ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар билан бир қаторда, жамият ва давлат олдидаги масъулликлари ҳамда бурчларини чуқур англаб етишларини тақозо этади.
/>
[1] Ўзбекистоннинг янги қонунлари. №5. Тошкент. Ўзбекистон, 1992. – Б. 52.